Қирғизистон Ўзбекистондан 100 дона йўловчи автобуси сотиб олади

SamAvto заводида ишлаб чиқарилган Isuzu LE-60 автобуси (архив сурати)

Қирғизистон Ўзбекистондан Isuzu SAZ LE-60 русумли 100 дона йўловчи автобуси сотиб олади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 13 март куни жамғарма офисида Ўш шаҳри мэрия билан лизинг шартномаси имзоланган. Жамғарма Самарқанд автомобиль заводи (SamAuto) томонидан ишлаб чиқарилаётган йўловчи автобусларини сотиб олиш учун маблағ тақдим этади. Бу автобуслар ҳисобига Қирғизистоннинг жанубий пойтахти жамоат транспорти автопарки кенгайтирилиб, модернизация қилинади.

Бу Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси томонидан мазкур йўналишда тузилган иккинчи шартнома бўлган. Февраль ойи охирида жамғарма SamAuto заводида ишлаб чиқарилган Isuzu русумли 10 дона юк машинасини лизинг асосида тақдим этиш бўйича “Акун” ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти билан шартнома имзоланганини эълон қилган.

2023 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Қирғизистон Туризмни ривожлатириш жамғармаси вакиллари SamAuto томонидан ишлаб чиқарилган автобуслар етказиб бериш ҳисобига Ўшдан Ўзбекистон чегарасигача қўшимча рейслар ташкил этиш масаласини муҳокама қилишган.

Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида қўшма тараққиёт жамғармаси тузилгани ҳақида 2021 йил ёзида маълум бўлган эди. Бунга оид келишувга 2020 йил декабрида икки давлат бош вазирлари даражасида эришилган бўлса-да, тегишли шартнома 2021 йилнинг 11 мартида Қирғизистон президент Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга расмий сафари чоғида имзоланган.

Мазкур жамғарма кенгаш ва раёсат томонидан бошқарилади. Кенгашга Қирғизистондан икки нафар, Ўзбекистондан уч нафар, раёсатга эса Ўзбекистондан икки нафар, Қирғизистондан уч нафар вакил киритилган.

Аввалроқ жамғарма икки мамлакат тадбиркорларининг агросаноат мажмуаси, тикувчилик, тўқувчилик, қайта ишлаш, тоғ-кон ва металлургия саноати, транспорт, уй-жой қурилиши, савдо-сотиқ, тадбиркорликни ривожлантириш, энергетика мажмуаси, инфратуризма ва туризмни ривожлантириш каби соҳалардаги лойиҳаларини молиялаштириши айтилган.

Жамғарманинг низом капитали даставвал 50 миллион долларни ташкил этиши, бироқ кейинчалик уни 200 миллион долларга етказиш режаланаётгани таъкидланган.