Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига Муса Жаманбаев тайинланди

Муса Жаманбаев

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига аввал президент маъмуриятининг протокол хизмати раҳбари бўлиб ишлаган Муса Жаманбаев тайинланди. Бунга оид фармон, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, давлат раҳбари Садир Жапаров томонидан имзоланган.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозими ўтган йил декабрида Ибрагим Жунусов президент фармони билан элчилик вазифасидан озод этилганидан бери бўш қолаётган эди. Қирғизистонда қўшиқчи ва бастакор сифатида ҳам танилган И. Жунусов Тошкентдаги элчихонага 2018 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган.

Унинг истеъфосидан кейин Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига парламентнинг собиқ депутати Фархат Иминов даъвогарлик қилган. Иминов номзоди парламентнинг халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзолари томонидан ҳам маъқулланган. Бироқ эндиликда элчилик лавозимига Жаманбаевни тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинган.