Қобил Бердиев ФВВ академияси бошлиғи лавозимидан бўшатилди

Қобил Бердиев

Ислом Каримов президентлиги даврида ўн йил мобайнида иккита вазирликни бошқарган Қобил Бердиев Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси бошлиғи лавозимидан озод этилган.

ЎзА хабарига кўра, унинг ўрнига Равшан Ҳайдаров тайинланган.

Қобил Бердиев 2006−2008 йилларда эса фавқулодда вазиятлар вазири, 2008 йилдан 2017 йилгача эса мудофаа вазири лавозимларида ишлаган. Вазирлик вазифасидан бўшатилган Бердиев даставвал Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига раҳбар этиб тайинланган, 2018 йил майидан ФВВ Фуқаро муҳофазаси институтини, кейин эса ФВВ академиясини бошқарган. Унга қайси лавозимга ўтгани ҳали расман очиқланган эмас.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси академиясининг янги раҳбари Равшан Ҳайдаров 2021 йил февралидан бери Тошкент шаҳар ФВВ бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келаётган эди. Унгача эса у ФВВ қошидаги Фуқаро муҳофазаси институти, Тошкент шаҳар ИИББ ва Тошкент вилояти ИИБ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитасида раҳбар бўлиб ишлаган ҳамда Сирдарё вилоятига ҳокимлик қилган.