Ташқи ишлар вазири ЕИга Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррелга Қорақалпоғистондаги бугунги вазият юзасидан маълумот берди.

Вазирликнинг расман билдиришича, Норов Боррел билан 4 июль куни телефон орқали мулоқот қилган. “Европа томонига Қорақалпоғистондаги мавжуд вазият, вазиятни беқарорлаштиришга йўл қўймаслик, минтақада тинчлик, осойишталик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди”,-дейилади расмий билдирувда.

Бундан ташқари мулоқот доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида томонларни қизиқтирган соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

4 июль куни Европа кенгаши президенти Шарль Мишель президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали Қорақалпоғистондаги вазиятни муҳокама қилгани хабар қилинганди.

Шу куни Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирди.