Раҳбарликка тайинланаётган мулозимларни ўзбек тили бўйича синовдан ўтказиш бошланади

Ўзбекистондаги давлат тилига бағишланган стендлардан бири

Раҳбарлик лавозимига кўтарилган ҳар бир киши давлат тилини билиши юзасидан тест топширади. Бу ҳақда, Repost нашрининг ёзишича, 2 март куни Тошкентда ўтказилган брифингда Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаментининг мудири Абдуғаффор Қирғизбоев маълум қилган.

Мулозимга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда давлат тили ривожи учун 17 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, улар орасида президентнинг икки фармони ва икки қарори, битта қонун ҳамда 12 та ҳукумат қарори бор.

Қирғизбоев айтган президент фармонларидан бири – “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда 2021 йил 1 апрелидан Ўзбекистонда давлат амалдорларининг ўзбек тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланиши ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилиши белгилаб қўйилган.

Фармон билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланган.

Концепциянинг асосий йўналишларига асосан 2025 йилгача давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш, 2030 йилгача мактабларда ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ўтган йили Ўзбекистон халқига йўллаган табригида “ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради”, деган эди.

Аввалроқ Озодлик ўзбек тилига эътибор рус тилида сўзлашувчи ўзбекистонликларнинг хавотирига сабаб бўлаётгани ҳақида мақола ёйинлаган, бу хусусда мулоҳаза билдирган ўзбек расмийлари бундай хавотирга асос йўқлигини билдирган эдилар. Хусусан, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминовнинг таъкидлашича, “Ўзбекистонда ҳеч бир миллат ëки элатнинг тили камситилмайди ва айни пайтда давлат тили ҳақидаги қонун талаблари пайсалга солинмай, амалга оширилаверади”.