Расмийлар Навоийда банк ходимлари ўлими бўйича текширув ўтказишга қарор қилишди

Сурат “Банкир кундалиги” Телеграм-каналидан олинган

Навоий вилоятида 6 ноябрь куни содир бўлган автоҳалокатда банк ходимларининг нобуд бўлгани юзасидан текширув ўтказилади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Шанба куни рўй берган автоавария ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Ҳодиса чоғида ҳаётдан кўз юмган 8 кишининг 3 нафари “Халқ банки”нинг Нурота туман филиали ходимлари бўлган.

ЙҲТдан сўнг ижтимоий тармоқларда банк ходимларининг ҳордиқ куни қандай юмуш билан бирга юргани саволлар уйғотган. Хусусан, “Банкир кундалиги” Телеграм-канали “уларнинг Нуротага нега катта тезликда шошилиб кетаётгани сабаблари ўрганилиши керак”лиги ҳақида ёзган.

Бу каби эътирозлар ортидан ҳолат юзасидан махсус текширув ўтказиш комиссиясини тузиш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи тайёрлангани очиқланди.

Меҳнат вазирлиги бу борада ўрганиш ишлари 15 кун муддат ичида олиб борилишини маълум қилган.