Расмийлар хорижда маблағсиз қолган ватандошларга қарз бериб туришни ваъда қилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати хорижий давлатда яшаш учун маблағсиз қолган фуқароларга вақтинча молиявий ёрдам кўрсатиб туришга қарор қилди. Бунга оид низом Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 12 апрелидаги қарори билан тасдиқланган.

“Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, хориждаги консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун маблағсиз қолганда дипломатик идорага молиявий ёрдам сўраб, мурожаат қилиши мумкин.

Низомда қайд этилишича, дипломатик идора 2 иш куни ичида фуқародан ариза ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, унинг хорижда бўлиш шароитларини аниқлайди, ҳужжатларни ўрганиш асосида молиявий ёрдам кўрсатишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва уни Ташқи ишлар вазирлигига тасдиқлаш учун юборади.

Шундан сўнг ТИВ 1 иш куни ичида фуқарога ёрдам кўрсатишга оид ҳужжатларни ва хулосани кўриб чиқади ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиш ёки рад этиш тўғрисида хат юборади.

Дипломатик идора мазкур хатни олганидан сўнг 1 иш куни ичида фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, турар-жой, кийим-кечак ва транспорт харажатлари учун тўлов ўтказади.

Ариза рад қилинган тақдирда консуллик мансабдор шахси ариза берувчига рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади. Қарз олган фуқаро 30 кунда қарзни республика бюджетига қайтаради.