Россия ҳукумати вакили Ўзбекистоннинг ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлишига ишонмоқда

ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилот Олий иқтисодий кенгашининг видеоконференция тарзида ўтган саммитида

Россия Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлақонли аъзо бўлиб киришига ишонади.

Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук 15 январда Москвада бошланган анъанавий "Гайдар Форуми"да баёнот берди.

.«Биз Ўзбекистонни иттифоқ аъзоси сифатида кўришга ишонамиз ва барча аъзолар бунда кўмак беради. Россия ҳам бу масалада Ўзбекистонга ёрдам беради», — деди Россия бош вазири ўринбосари.

Унинг сўзларидан иқтибос сифатида келтирган “Интерфакс”га кўра, Оверчук ўтган йили Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олган Ўзбекистон яқин истиқболда иттифоқнинг тўлақонли аъзоси бўлишига умид қилмоқда.

2020 йил майида Олий Мажлис Ўзбекистоннинг ЕОИИ фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этишини маъқуллаганди.

Евросиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ)нинг 2020 йил 11 декабрда ўтган саммитида Ўзбекистон ва Кубага кузатувчилик мақоми берилди.

Ўтган йил 29 декабрида парламентга мурожаатида президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг "ЕОИИ бозоридаги тўлақонли иштироки" ҳақида гапирган. Ўтган йил бошида у ташкилотда фақат кузатувчи мақомида иштирок этиш ҳақида сўз бораётганини айтиб, Ўзбекистон "мустақиллигини қўлдан бой бериши" ҳақидаги хавотирларни аритишга уринганди.

"Ўзбекистон яқинда Евросиë иттифоқида кузатувчи мақоми олди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъëрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириши зарур”, деган президент парламентга сўнгги мурожаатида.