УЕФА ва ФИФА санкциялари ортидан халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган Россия футбол терма жамоаси Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) турнирида иштирок этмоқчи. Бу ҳақда Тожикистон Футбол федерацияси матбуот котиби Фаридун Солиевга таянган ҳолда “Матч ТВ” маълум қилди.
Солиевга кўра, футбол бўйича Россия терма жамоаси 9−21 июнь кунлари бўлиб ўтадиган биринчи CAFA чемпионатида иштирок этади, Турнир Тошкент ва Бишкекда ўтказилиши режалаштирилган.
Россиянинг Украинага босқини муносабати билан Ғарб давлатлари Москвага жорий этган санкциялар ортидан УЕФА ва ФИФА ҳам Россия футбол клубларини халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилган эди. Шундан сўнг Россия футбол иттифоқи УЕФА аъзолигидан чиқиш ва Осиё футбол конфедерациясига қўшилиш масаласини муҳокама қила бошлаган эди. Ҳозирча бу борада бирон натижага эришилмаган.
Марказий Осиё Футбол Ассоциациясига Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади.