Мобилизациядан сўнг Марказий Осиёда иш излаётган россияликлар кўпайди

Путин мобилизациясидан Қозоғистонга қочган руслар.

Мобилизация эълон қилинганидан сўнг камида 66 минг россиялик бошқа давлатлардан иш излаб, ўз резюмеларини интернетга жойлаштирган. Бу ҳақда hh.ru аналитикларининг хулосаларига таянган ҳолда РБК хабар қилди.

10 октябрдан 22 октябргача бўлган маълумотлар 10 сентябрдан 22 сентябргача бўлган маълумотларга солиштирилганида интернетда резюме қолдирган Россия фуқароларининг 44 мингги Қозоғистондан иш излаётгани аниқланди. Грузияда 8,6 минг, Ўзбекистонда 4,5 минг, Туркияда 2,9 минг ва Қирғизистонда 2,8 минг россиялик ўз резюмесини жойлаштирган.

Тадқиқотда айтилишича, бу ҳозирча вакансиялар бозорига таъсир кўрсатгани йўқ, негаки 66 минг иш изловчининг асосий қисми ўз профессионал мажбуриятларини бажариш учун интернетдан фойдаланадиган ва мобил турмуш тарзига кўникиб қолган “рақамли кўчманчилар” тоифасига мансуб бўлган шахслардир. Жумладан, уларнинг 10 фоизини IT-мутахассислар, 10 фоизини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, 9 фоизини маркетологлар, рекламачилар ва PR-мутахассислар, 8 фоизини қурилиш ва кўчмас мулк соҳаси вакиллари ташкил қилган.

«Ҳозирча меҳнатга лаёқатлилардан қанчаси мамлакатни тарк этганини айтиш жуда қийин, чунки одамлар чегараларни турли сабаблар билан кесиб ўтади ва кейин ортга қайтади. Бундай рақам ҳатто Россия ва россияликлар бораётган бошқа давлат органларида ҳам мавжуд эмас. Экспертларнинг энг оптимистик ҳисоб-китобига қараганда, уларнинг сони 300 минг кишига яқин”, дейилади hh.ru тадқиқотида.


Айни пайтда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотига кўра, 21 сентябрдан 3 октябрга қадар мамлакатга 281 548 нафар Россия фуқароси келган, улардан 147 мингдан ортиғи Қозоғистонда қолган.

Мавзуга алоқадор Қозоғистонга 300 минг россиялик қочиб келди. Улар жамиятга интеграция бўла оладими? 


Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сентябрь ойининг ўзида Ўзбекистонга 78,2 минг россиялик турист келгани ва бу апрель ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробар кўплигини билдирган эди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакиллари эса октябрда Самарқандда ўтган Discovering Uzbekistan конференциясида ўтган тўққиз ой ичида Ўзбекистонга Россиядан 400 мингдан зиёд турист келганини билдирган.

Президент Путиннинг 21 сентябрдаги ҳарбий сафарбарлик эълонидан кейин Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга келаётган россияликлар сонининг ортиши оқибатида минтақа мамлакатларида уйларнинг ижара нархлари кескин ошиб кетди.