Самарқандда 4 яшар фарзандининг ўлимида айбланган аёл устидан суд ҳукми ўқилди

Иллюстратив сурат.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан 4 яшар ўғлининг ўлимида айбланган аёлга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Озодлик танишган жиноят иши материалларида айтилишича, аёл бир ой давомида ўғлини қийнаб келган ва пировардида ўлдириб қўйган.

Тергов ва суд жараёнида она (Э.Л.) ўғлини қасддан қийноққа солганини рад этган, "айби унга яхши қарамагани" эканини таъкидлаган.

Ҳодиса 2021 йил ноябрь ойида содир бўлганига қарамасдан, суд ҳукми жорий йилнинг август ойи бошида чиққан. Суд вояга етмаган боланинг ўлимига онасининг эҳтиётсизлиги сабаб бўлган, дея хулосага келган.

Нусхаси Озодлик тасарруфида бўлган суд ҳукмида баён этилишича, ўтган йилнинг 30 ноябрь куни кеч соат 21.30 ларда овқатланмоқчи бўлган 4 ёшли А. Л. ошхонада тимирскиланиб юрган, бу тартибсизликдан жаҳли чиққан она (Э.Л.) ўғлининг қўлидан судраб, болалар хонасига йўналган. Уйда электр ўчгани сабабли судраб кетилаётган боланинг боши даставвал ошхона эшиги бурчагига, кейин болалар хонасидаги темир қувурга урилган, натижада бола ҳушини йўқотган.

Шундан сўнг она “тез ёрдам”га қўнғироқ қилиб, шифокорларни чақирган, бироқ кўрсатилган ёрдамга қарамай, болакай шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонасида бир неча соат ичида вафот этган.

Экспертиза хулосасида боланинг ўлимига унга етказилган оғир тан жароҳатлари, хусусан ўтмас нарса таъсирида миянинг шикастланиши ва мияга қон қуйилиши асосий сабаб қилиб кўрсатилган. Шунингдек, бола танасида ўлимдан 7-10 кун олдин пайдо бўлган бошқа тан жароҳатлари ҳам қайд этилган.

Суд ҳукмига кўра, 1996 йилда туғилган аёл Ўзбекистон Жиноят кодексининг 110 моддаси (“Қийнаш”) ва 102-моддаси (“Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш”) билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, фарзандини муттасил равишда қийнаб келгани ва эҳтиётсизлик оқибатида уни ўлдириб қўйгани учун 2 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Судланган Э.Л. қамоқ жазосини аёллар манзил колонияда ўташи билдирилган.