Каттақўрғондаги парранда фабрикасида содир бўлган портлаш оқибатида икки киши жароҳатланди

Каттақўрғондаги парранда фабрикаси (ижтимоий тармоқлардан олинган сурат)

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани “Мелихўжа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган парранда фабрикасида 30 март куни соат 10:40 ларда газ портлаган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Ҳодиса оқибатида вафот этганлар йўқ, икки нафар фуқаро енгил тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Вазирлик воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ҳамда “Ҳудудгазтаъминоти” масъул ходимлари чиқишганини қайд этган.

Шунингдек, ФВВ ҳозирда воқеа сабаби ва зарар миқдори аниқланаётгани, ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Самарқанд вилоятининг айнан шу туманидаги “Мадраса” маҳалласида жойлашган хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида эр-хотин ва уларнинг вояга етмаган икки набираси нобуд бўлгани хабар қилинган эди.