Деҳлидан Москвага учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди

Россиянинг «Аэрофлот» ширкатига қарашли Деҳли—Москва йўналишидаги АFL233 рейси самолёти Тошкентда фавқулодда қўнишни амалга оширди, деб хабар берди 3 март куни Uzbekistan Airports матубот хизмати.

Расман билдирилишича, «қўнишга аппендицит хуружига учраган Ҳиндистон фуқароси сабаб бўлган. Экипаж йўловчининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли муқобил аэродромга қўнишга қарор қилган».

Аэропортга қўнгач, йўловчи тез ёрдам машинасида олиб кетилган ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббий муассасага ётқизилган.

Айни пайтда Россиянинг «Аэрофлот» ширкатига қарашли самолётлар санкциялар жорий этилгани ортидан техник жиҳатдан сифатсиз бўлиб бораётгани тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд.

The Moscow Times нашрининг ёзишича, 2023 йил бошидан бери ўтган икки ой давомида Россия авиаширкатларига қарашли самолётларда камида 7 марта авария ҳолати юзага келган.

5 январда кондиционерлар носозлиги туфайли Тюмендан Новий Уренгойга учган Utair ширкати мажбурий қўнишни амалга оширган.

6 январда 236 йўловчини Новосибирскдан Таиландга олиб кетаётган Azur Air асосий ойнаси синиб кетгани оқибатида ортга қайтишга мажбур бўлган. Red Wings ширкатига қарашли самолёт шассиси бузуқлиги туфайли Қозон аэропортига қайтган.

8 январда Победа авиаширкатига тегишли самолёт Перм аэропортида учиш йўлагидан чиқиб кетган ва Москвага парвозни амалга ошира олмаган.

9 январда Братскдан Москвага учиши керак бўлган S7 Airlines ширкатининг Airbus A320neo самолёти носозлик туфайли Қозонга қўнишга мажбур бўлди.

Ненецк мухтор округида АН-2 самолётининг ҳалокатга учраши оқибатида икки киши ўлди ва тўрт киши жароҳатланди.

Ёқутистондан Магаданга учган ИрАэро ширкати самолёти ҳам носозлик туфайли Ёқутистонга қайтишга мажбур бўлган.

10 январда 115 йўловчини олиб кетаётган самолёт Норильск шаҳрида учиш майдонидан чиқиб кетган. Самолёт Москвага учиши лозим эди. Йўловчилар самолётдан зудлик билан аэропорт биносига эвакуация қилинган.

Аввалроқ “Новие известия” газетаси 2022 йилда Россияда ҳарбий ва фуқаровий авиацияга тегишли бўлган камида 130 самолётда парвоз вақтида носозликлар аниқланганини ёзганди.

Кремль Украинага бостириб кирганидан бери Европа Иттифоқи Россияга самолётлар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини сотишга тақиқ жорий этган.