Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни Тошкентга амалий ташриф билан келган “Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедовни қабул қилди”.
Сердар Бердимуҳамедов Туркманистонда “Аркадаг” (“Суянч тоғи”) сифатида улуғланадиган авторитар президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўғлидир.
Сердар Бердимуҳамедов 2021 йил февралидан бери Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. Мазкур ҳолат Гурбангули Бердимуҳамедов ўғлини ўзининг ҳокимиятдаги вориси ўлароқ кўраётганини англатади.
“Юқори мартабали меҳмон қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Туркманистон етакчисининг барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётган Туркманистон-Ўзбекистон алоқаларига юксак баҳо берилган мактубини топширди”, -дейилади расмий хабарда.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, Гурбангули Бердимуҳамедов ўз мактубида “икки мамлакатнинг халқаро сиёсат ва минтақавий муносабатлар борасидаги позициялари яқин ва ўхшашлигини алоҳида қайд этган”.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.