Ўзбекистоннинг энг таниқли мусиқа ўқитувчиси Шермат Ёрматов 82 ёшида вафот этди

Шермат Ёрматов бутун республика болаларига мусиқадан таҳсил берган муаллим эди.

Ўзбекистон халқ артисти, таниқли композитор ва дирижёр Шермат Ёрматов 82 ёшида вафот этди, деб хабар берди Маданият вазирлиги 23 декабрь куни.

“Шермат Ёрматов ўзбек болалар хорининг энг фаол тарғиботчиси, куюнчак раҳбар, “Қўшиғим, жон қўшиғим”, “Биргаликда куйлаймиз”, “До, ре, ми, фа, соль”, “Санъат ғунчалари” каби қатор кўрсатувлар орқали бутун республика болаларига мусиқадан таҳсил берган муаллим сифатида ёдимизда қолади”,-дейилади расмий хабарда.

1939 йилда Фарғона вилоятида туғилган Шермат Ёрматов Тошкент давлат консерваториясини тугатганидан сўнг 1962—1982 йиллар давомида Тошкент шаҳридаги 99-ўрта мактабда мусиқа ўқитувчиси ва “Бойчечак” хор студиясининг раҳбари бўлган.

Шермат Ёрматов Ўзбекистон ёшлар мукофоти, “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби бўлган.