Сўнгги икки ой ичида Ўзбекистонда пневмонияга чалинганлар сони 24 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 сентябрь куни 266 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса пневмонияга чалинганлар сони 24 минг 175 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шу кунгача пневмонияга чалинганлардан 16 минг 834 нафари соғайиб чиққан, 177 нафари эса вафот этган.

Вазирлик мустақиллик куни мамлакат бўйлаб яна 736 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани, коронавирусга чалинганларнинг умумий сони эса 157 минг 872 нафарга етганини қайд этган.

Шунингдек, кеча 494 киши коронавирусдан соғайгани, мазкур дарддан тузалганларнинг умумий сони эса 149 минг 767 нафарга етгани айтилмоқда.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирус юқтириб олган беморлардан 5 нафари вафот этгани, COVID-19 қурбонлари сони 1093 нафарга етганини билдирган.