Сўх туманида кузатилган сел оқибатида кўприк вайрон бўлди

Сўхда сел келиши оқибатида вайрон бўлган кўприк (видеодан скриншот)

Фарғона вилоятининг Сўх туманида 4 август куни тушдан кейин сел келиши кузатилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда табиий офат тумандаги ички йўлни бир-бири билан боғлайдиган кўприкка шикаст етказгани акс этган.

Қайд этилишича, эксклавга сел Қирғизистон томонидан келган. Телеграм тармоғидаги Гидрометрологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво прогнозлари, тадқиқотлар, маърузалар канали маълумотига кўра, “Ўзгидромет”нинг Ҳушёр қишлоғига яқин бўлган “Сариканда” метеорологик станциясида қисқа вақт оралиғида умумий 14,5 мм миқдорда жала ёққан.

Табиий офат аҳоли турар-жойларига зарар етказмагани айтилмоқда.

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази 4 август куни кутилаётган маҳаллий ёмғирлар ҳисобига республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи борлигидан огоҳлантирганди.

Аввалроқ Озодлик 13 июль куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида кучли сел келиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлгани, 6 киши жароҳатлангани ҳақида хабар қилган эди.