Собиқ депутат Кушербаев ўзбекистонликларни Россия қуриб берадиган АЭСдан воз кечишга чақирди

Расул Кушербаев

Олий Мажлис Қонунчиликнинг палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев ватандошларини Россиянинг Ўзбекистонда қурадиган атом электр станцияси лойиҳасидан воз кечишга чақирди.

Ҳозирда табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси вазифасида ишлаётган Кушербаевга кўра, дунёдаги бошқа яшил партиялар қарши бўлса-да, Ўзбекистондаги экопартия қўллаб-қувватлаётган АЭС қуриш лойиҳасидан воз кечиш зарур. “Бу бошимизга бало бўлади”, деб ёзган Расул Кушербаев.

Собиқ депутат фикрича, россиялик расмийлар Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий эркинлигини чеклаш, экологиясини хавф остига қўйиш учун инструмент сифатида фойдаланиши мумкин бўлган АЭС қуриш билан тўхташмоқчи эмас, улар ҳозирданоқ Ўзбекистон қонунчилигига қадар кириб, уни ўзларига мослаб, мамлакат энергия манбаларини тўлиқ қўлга олмоқчига ўхшайди.

Афсуски бугунги Россия ишончли ҳамкор, ишончли дўст эмас. У истаган вақтда бировнинг ҳудудига бостириб кирадиган зўравон, агрессор, шантажчи”, деган Кушербаев АЭС қуриш ғоясидан воз кечилмаган тақдирда ҳам “буни бошқалар билан қилиш керак, фақат ҳозирги Россия биланмас”, дея таъкидлаган.

Аввалроқ Россия нашрларида “Росатом” давлат корпорацияси тез орада Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича шартнома имзолашни режалаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Хусусан, ТАСС агентлиги суҳбатлашган “Росатом” капитал қўйилмалар, давлат қурилиш назорати ва давлат экспертизаси бўйича директори Геннадий Сахаров “Биз атомга оид ҳеч нарса – маданият ҳам, қонунчилик ҳам бўлмаган мамлакатларга кириб боряпмиз” дер экан, Россия бу мамлакатларда атом инфратузилмасини ҳам, қонунчиликни ҳам барпо этиб, мутахассисларни ҳам тайёрлаётгани билан мақтанган. Кушербаевнинг юқоридаги сўзлари Сахаровнинг бу иддаоларига муносабат ўлароқ айтилган.

Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашига ваъда берган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган.

АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.

2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган, аммо бу ҳужжат қачон имзоланиши ҳақида ҳалигача бирор расмий маълумот берилган эмас.

Ўтган йил июнь ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан АЭС қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бораётганини билдирган. Ўшанда мулозим Россия томонидан таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратганди.

Бу орада Россия бош вазири Михаил Мишустин икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 2022 йил 2 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида ўз мамлакати Ўзбекистон билан атом энергетикаси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим деб ҳисоблашини, АЭС қурилиши бўйича “эришилган барча келишувларнинг амалга оширилишини тезлаштириш зарур”лигини урғулаган.

Таҳлилчилар Москва Ўзбекистонга АЭС қурилишини тезлаштириш борасида босим ўтказаётганини тахмин қилмоқдалар. Шу билан бирга, экспертлар Ғарб санкциялари остидаги Россия билан яқин савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш Ўзбекистон учун қўшимча санкциялар хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги юзасидан ҳам ўз хавотирлари билан ўртоқлашганлар.