Солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда топширмаган тадбиркор жаримага тортилмайди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан эътиборан тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан жорий йил 7 сентябрида имзоланган “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда қайд этилган.

Фармонга кўра, кейинги йилдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун ҳам молиявий санкциялар қўлланилмайди.

Айни пайтда 2022 йил январь – июль ойларида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботларининг солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилиши ва шакллантириб берилиши бўйича эксперимент ўтказилади.

Мазкур эксперимент доирасида солиқ органлари Кадастр агентлиги органлари маълумотлари асосида юридик шахслардан олинадиган ер солиғини, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни – электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса техникаси маълумотлари ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқаради ва солиқ ҳисоботини шакллантиради.

Фармон билан 2022 йил 1 январига қадар солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаш учун зарур бўлган солиқ солиш объекти ёки солиқ солиш билан боғлиқ бошқа объектларни электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттириш имкониятларини яратиш ҳақида кўрсатма берилган.

Эксперимент ижобий натижа берган тақдирда, президент фармонига мувофиқ, ДСҚ 2022 йил 1 августига қадар уни республиканинг барча ҳудудларидаги солиқ тўловчиларга татбиқ этиш ҳамда солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботи шакллантириладиган солиқлар рўйхатини кенгайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши керак.