Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарийб 4 млрд сўмга ЖССТ томонидан самарасиз топилган препаратдан сотиб олди

Oxiquin (гидроксихлорохин) препарати (Андижон вилоят ХТБ фотоси)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Дори-Дармон” ширкатидан умумий қиймати 15,3 миллиард сўмга тенг бўлган дори воситаларини сотиб олди. Бунга Газета.уз нашри эътибор қаратган.

Сотиб олинган дорилар орасида қиймати 3,9 миллиард сўм бўлган 500 минг тўплам гидроксихлорин ҳам бор.

Шартномага қуйидаги препаратлар киритилган:

  • 100 минг тўплам азитромицин (4,8 млрд сўм);
  • 500 минг тўплам “Оксивин” / гидроксихлорохин дори воситаси (3,94 млрд сўм);
  • 500 минг тўплам парацетамол (646,5 млн сўм);
  • 166,6 минг тўплам аскорбин кислотаси (Витамин С) (2,5 млрд сўм);
  • 40 минг тўплам OmiZinc (рух) (2,8 млрд сўм);
  • 10430 та уч қаватли картон коробкалар (45,8 млн сўм);
  • 500 минг дона А6 шаклдаги қўлланмалар (12,2 млн сўм);
  • 500 минг дона “COVID-19” тўплами (347 млн сўм).

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти октябрь ойида эълон қилган тадқиқот натижасига кўра гидроксихлорохинни COVID-19 ни даволашда қарийб таъсир кучига эга бўлмаган препаратлар қаторига киритган. Бундай дори воситалари қаторида гидроксихлорохиндан ташқари ремдесивир, лопинавир/ритонавир ва интерферон ҳам саналган.

“ЖССТ томонидан мувофиқлаштирилган Solidarity (“Бирдамлик”) клиник тадқиқотларининг оралиқ натижалари ремдесивир, гидроксихлорохин, лопинавир/ритонавир ва интерферондан фойдаланиш COVID-19 юқтирилганидан 28 кун ўтиб ёки касалхонада муолажа олаётган беморлар орасида ўлим ҳолатлари кўрсаткичи пасайишига жуда кам таъсир қилаётгани ёки умуман таъсир қилмаётганини кўрсатди”, дейилганди халқаро ташкилот хабарномасида.