ССВ: Коронавирус қурбонлари сони 780 нафардан ошди

Ўзбекистонда ўтган кеча-кундузда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, коронавирус юқтириб олган беморлардан яна уч нафари вафот этди. Бу билан мамлакатда COVID-19 қурбонлари сони камида 781 нафарга етган.

Вазирлик 2020 йилнинг сентябрь ойидан буён коронавирус важидан вафот этганларнинг қайси ҳудуддан экани ва уларнинг ёши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмай келмоқда.

ССВ қайдича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 14 июль ҳолатига кўра, 117 минг 409 нафарга етган.

Сешанба куни мамлакат бўйлаб барча ҳудудларда 491 нафар киши коронавирусга чалинган. Айни пайтда кеча яна 319 нафар кишида пневмония аниқланган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жами 528 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 112 минг 546 нафарни ташкил этганини маълум қилган.