ССВ коронавирусдан вафот этганлар сони 1485 нафарга етганини билдирди

Ўзбекистонда 28 декабрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 1 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 485 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сешанба куни Қашқадарё вилоятидан ташқари мамлакат бўйлаб 139 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 198 минг 626 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан ташқари ҳудудларда 196 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 195 минг 716 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда Ўзбекистонда COVID-19га қарши 183 минг 122 доза вакцина қўлланилгани, коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача эса 38 миллион 864 минг 733 доза вакцинадан фойдаланилганини қайд этган.

Вазирлик маълумотига кўра, шу кунгача Ўзбекистонда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни эмлашда 612 минг 698 доза Pfizer вакцинаси қўлланилган. Бу болалар орасида 1-босқич эмланганлар 435 минг 306 нафарни, 2-босқич эмланганлар эса 177 минг 392 нафарни ташкил қилгани айтилган.