ССВ: Коронавирусга қарши эмланган болалар сони 215 минг нафардан ортди

Ўзбекистонда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар орасида, 2 ноябрь ҳолатига кўра, 215 минг 106 нафари Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмлов жараёни айниқса Фарғона водийси вилоятлари орасида жадал олиб борилаётганини билдирган.

Вазирлик қайдича, Ўзбекистонда оммавий эмлов бошланган апрель ойидан бери айни кунгача жами 26 миллион 728 минг дозадан ортиқ коронавирусга қарши вакцина қўлланилган.

ССВ кеча мамлакат бўйлаб 272 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталикни юқтириб олганларнинг умумий сони 186 минг 793 нафарга етганини очиқлаган.

Маълумотларга кўра, сешанба куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлардан 398 нафари тузалган, соғайганларнинг умумий сони эса 182 минг 824 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 329 нафарга етганини қўшимча қилган.