ССВ: Коронавирусга қарши эмловда қўлланилган вакцина сони қарийб 34 миллион дозага етди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 33 миллион 940 минг 8 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 17 миллион 594 минг 439 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 10 миллион 799 минг 717 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 5 миллион 545 минг 852 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ қайдича, шу кунгача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва мамлакатга келтирилган вакциналар миқдори 43 миллион 168 минг 908 дозага етган.

Вазирлик 30 ноябрда мамлакат бўйлаб 216 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 193 минг 424 нафарга етганини маълум қилган.

Кузнинг сўнгги кунида Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 169 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 190 минг 28 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сешанба куни коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 406 нафарга етганини қўшимча қилган.