ССВ: Коронавирусга қарши эмловда қўлланилган вакцина сони 30,5 миллион дозадан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 30 миллион 592 минг 189 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 16 миллион 2 минг 47 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 9 миллион 614 минг 758 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 4 миллион 975 минг 384 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ қайдича, 17 ноябрь куни мамлакат бўйлаб 252 киши коронавирусга чалинган, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 190 минг 584 нафарга етган.

Чоршанба куни Қашқадарё вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 297 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 187 минг нафардан ошган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 367 нафарга етганини қўшимча қилган.