ССВ: Ўзбекистонда COVID-19 га қарши вакцина 1-дозаси билан аҳолининг 88 фоизи эмланиб бўлган

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни 2021 йилнинг апрель ойидан бошланган

Ўтган йили Ўзбекистонда эмланиши кўзда тутилган 18 ёшдан катта аҳолининг қарийб 88 фоизи (18,8 миллион нафардан) коронавирусга қарши биринчи доза вакциналарини олган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Айни пайтда, ССВ қайдича, коронавирусга қарши барча босқичларда эмланган фуқаролар сони шу кунгача 13,5 миллион нафардан ошган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни 2021 йилнинг апрель ойидан бошланган. Вазирлик ўтган йили Ўзбекистонга келтирилган ва мамлакат ичида ишлаб чиқарилган вакциналар миқдори 49 миллион 36 минг 368 дозани ташкил қилганини билдирган.

ССВнинг маълум қилишича, 3 январь куни мамлакатнинг ўнта ҳудуди бўйлаб 89 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган, шу тариқа вирусга чалинганларнинг умумий сони 199 минг 271 нафарга етган.

Вазирлик кеча Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 95 нафар бемор тузалгани, касалликдан соғайганларнинг умумий сони эса 196 минг 539 нафарга етганини қўшимча қилган.