ССВ Ўзбекистонда эмлов жараёнида 27 миллион дозадан зиёд вакцина қўлланилганини билдирди

Ўзбекистонда эмлаш жараёни бошланган апрель ойидан шу кунгача жами 27 миллион 260 минг 924 доза вакцинадан фойдаланилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига мувофиқ, айни кунгача 1-босқичда эмланганлар сони 13 миллион 272 минг 675 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 8 миллион 74 минг 908 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 3 миллион 949 минг 762 нафарни ташкил қилмоқда.

ССВ қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 296 киши коронавирусга чалинган, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 187 минг 381 нафарга етган.

Сешанба куни Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 248 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 183 минг 305 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 334 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, 4 ноябрь куни 5 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 643 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 145 нафари соғайиб чиққан.