ССВ: Pfizer вакцинаси билан эмланган болалар сони 330 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар орасида, 16 ноябрь ҳолатига кўра, 331 минг 950 нафари Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, Ўзбекистонда оммавий эмлов бошланган апрель ойидан бери айни кунгача коронавирусга қарши жами 30 миллион 317 минг 119 доза вакцина қўлланилган.

ССВ кеча мамлакат бўйлаб 228 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталикни юқтириб олганларнинг умумий сони 190 минг 332 нафарга етганини маълум қилган.

Шунингдек, сешанба куни Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлардан 312 нафари тузалган, соғайганларнинг умумий сони эса 186 минг 706 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 364 нафарга етганини қўшимча қилган.