Ўзбекистонда ноябрь ойида нархларнинг йиллик ўсиши 12 фоиздан ошди

Ноябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархи ўртача 1,3 фоизга ошган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Бу билан йил ҳисобида истеъмол нархлари индексининг ўсиш даражаси 12,3 фоизга етди.

Ноябрь ойида нархлар ва тарифлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 2 фоизга ошди.

Шу даврда ноозиқ-овқат товарлари нархлари 0,9 фоизга ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 0,8 фоизга ошди.

Иқтисодиётга ихтисослашган Spot. uz нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати 2022 йилда инфляция даражасини 9 фоизга, кейинги йиллар учун 5 фоизга тушириш ниятини билдирган эди.

Расмий статистика Ўзбекистонда инфляция 2017 йилда 14,4 фоиз, 2018 йилда 14,3фоиз, 2019 йилда 15,2 фоиз ва 2020 йилда 11,1 фоиз бўлганини қайд этган.