Судьялик имтиҳонлари интернет орқали онлайн тарзда ёритиб борилади

Ўзбекистонда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини интернет тармоғи орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан шу йил 7 декабрь куни имзоланган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда айтилган.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 февралидан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида судьялик имтиҳони жараёнини онлайн тарзда ёритиб боришдан ташқари судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур (“психологик тест”) ишлаб чиқилади ҳамда судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар амалиётга (рейтинг дастури) татбиқ этилади.

Қайд этилишича, судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилади.

Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил этилади.