Сурхондарёда уйланиш мақсадида қиз ўғирлаган йигит устидан жиноят иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат

Сурхондарёда бошқа бировга тегиб кетмаслиги учун 20 ёшли қизни икки шериги ёрдамида куч ишлатиб, олиб қочиб кетган Абдулло Р. устидан жиноят иши очилган.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотига кўра, ҳодиса юзасидан олиб қочилган Суғдиёна Х.нинг ўзи Денов туман ИИО ФМБга маълум қилиб, ариза ёзган.

Қиз ўз аризасида ҳодиса 4 март куни Денов тумани Ўрикзор МФЙ ҳудудида рўй бергани, 28 ёшли таниши Абдулло Р. ўзига тегишли Spark русумли автомашинасида унинг олдига келиб тўхтаб, икки нафар номаълум шахс билан унга нисбатан куч ишлатиб, мажбурлаб автомашинасига ўтирғизиб олиб кетгани, йўлда ўзига турмушга чиқса, уйига олиб бориб қўйишини айтгани, қиз йигитдан қутулиш учун унга турмушга чиқишга ваъда берганини баён қилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддаси (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилган Тергов департаменти хабарномасида. Мазкур модда билан айбланган шахс, амалдаги қонунчиликка кўра, 3 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Дастлабки тергов чоғида Абдулло Р. қизни эрга тегиб кетмаслиги учун олиб қочганини эътироф этиб, шериклари 25 ёшли Зуҳриддин С. ҳамда 18 ёшли Аслиддин Э. бўлганини айтган.

Тартиб посбонлари айни пайтда ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилганлар.