Сурхондарёлик ҳуқуқ-тартиботчилар ИИБ биноси олдида баданини кесган эркак бўйича изоҳ беришди

Ҳодиса акс этган видеодан олинган скриншот

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Музработ туманида ИИБ ходимларидан норози фуқаронинг ўз баданини соқол оладиган олмос билан тилгани акс этмиш видео юзасидан 11 июль куни ўз расмий муносабатини очиқлади.

Вилоят ИИБ қайдича, видеода акс этган ҳодиса жорий йилнинг 26 апрель куни соат 16:30 лар атрофида содир бўлган. Баданини тилган эркак Ўзбекистонда ўғрилик моддаси бўйича беш марта, Россияда босқинчилик моддаси бўйича бир марта судланган 40 ёшли М.А. экани билдирилган.

Сурхондарёлик тартиб посбонлари иддаосича, ИИБга профилактик суҳбатга чақиртирилаётганидан норози эканини айтган М.А. ҳодиса чоғида маст бўлган.

Ҳодиса ортидан М.А.га тиббий ёрдам кўрсатилган ва ҳолат юзасидан Музработ туман прокуратурасига хабар қилинган.

“Фуқаро М.А. ҳушёр ҳолга келгач, ундан ҳолат юзасидан тушунтириш хати олинганида, қилган ишидан пушаймонлигини, пиво ичиб маст ҳолатда бўлганлиги сабабли ўзининг хатти-ҳаракатларини бошқара олмаганлигини маълум қилган”, дейилган ИИБ хабарномасида.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори томонидан шу йил 5 май куни Ўзбекистон жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.