Таътил танаффусидан сўнг Ўзбекистонда эмлов тадбирлари қайта бошланди

Ўзбекистонда Янги йил таътили муносабати билан бир неча кунга тўхтатилган эмлов тадбирлари 5 январдан қайта бошланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, кеча мамлакат бўйлаб аҳолини коронавирусга қарши эмлашда 151 минг 330 доза вакцинадан фойдаланилган.

Вазирлик эмлаш жараёнига старт берилган ўтган йилнинг апрель ойидан бери мамлакатда жами 39 миллион 355 минг 263 доза вакцина қўлланилганини қўшимча қилган.

ССВ қайдича, чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидан ташқари ҳудудларда 146 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, шу тариқа вирусга чалинганларнинг умумий сони 199 минг 507 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларида 153 нафар бемор тузалгани, касалликдан соғайганларнинг умумий сони эса 196 минг 758 нафарга етганини қўшимча қилган.