Таниқли кинорежиссёр Абдулазиз Маҳмудов вафот этди

Ўзбекистонлик таниқли кинопублицист, “Бирлик” халқ ҳаракати намояндаларидан бири Абдулазиз Маҳмудов 8 май куни саратон хасталиги туфайли 72 ёшида вафот этди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Маҳмудовнинг жанозаси 9 май куни Тошкентнинг Қўйлиқ ота масжидида ўқилди ва шу ерда тупроққа қўйилди.

Замонасоз касбдошларидан фарқли равишда ўтган асрнинг 80-йиллари сўнгида тил ва давлат мустақиллиги учун юзага келган тўлқинни кинотасмаларга муҳрлаган Абдулазиз Маҳмудов умрининг сўнгига қадар демократик ҳаракатларда фаол қатнашди.

1989 йилнинг ёзида Фарғонада месхети турклари билан маҳаллий аҳоли ўртасидаги этник можароларни кино ленталарга муҳрлаган.

У ҳукумат таъқибидаги шахслар фаолиятини ёритган. Мухолифатдаги “Бирлик” ва “Эрк” партиялари фаолияти ҳақида фильмлар яратган.

У Горький номидаги Туркман университети ҳамда Москвадаги сценаристлар ва режиссёрлар Олий курсида таҳсил олган.

Абдулазиз Маҳмудов 60 дан ортиқ ҳужжатли, илмий-оммабоп суратга олган.