Янги йил байрами арафаси ва байрам кунлари Tashkent City сайилгоҳига кириш пулли бўлади.
Tashkent City мажмуаси маъмурияти маълумотига кўра, 2020 йил 17 декабридан 2021 йил 10 январигача байрам чипталари нархи 12 ёшдан катталар учун 10 000 сўмни, 5 ёшдан 12 ёшгача болалар учун 5000 сўмни, нафақа ёшидагилар учун 5 000 сўмни ташкил этади.
Бу орада 5 ёшгача бўлган болалар ва ногиронлардан сайилгоҳга кириш учун пул олинмаслиги қайд этилган.
Енгил автомобиль билан кирмоқчи бўлганлар учун чипта нархи 20 000 сўм қилиб белгиланган.
Янги йилда Tashkent City’га кириш пулли бўлишига оид мажмуа директори Баҳром Ризаев томонидан шу йил 15 декабрида имзоланган буйруқ нусхаси ижтимоий тармоқларда тарқаб кетгани ортидан бу борада ўз норозилигини ифодалаб, изоҳ қолдираётган фойдаланувчилар сони кўпаймоқда.
Ана шундай фойдаланувчилардан бири бу каби қарорлар, қонунга мувофиқ, фақат маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан олиниши мумкинлигини айтса, бошқаси буни ватандошлар ҳуқуқини чеклаш ўлароқ баҳолаган.