Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонлик муҳожирларни асосан Россияга йўлламоқда

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 91 минг 958 нафар ўзбекистонлик хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, шартнома асосида ишга кетаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти Россияга (84 минг 574 нафар ёки 90 фоиздан кўпроқ) йўлланмоқда.

Ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп жўнатилаётган мамлакатлар орасида Қозоғистон иккинчи ўринни (6 минг 197 нафар), Жанубий Корея эса учинчи ўринни (1 минг 174 нафар) эгаллайди.

Бундан ташқари, агентлик ўзбекистонлик ишчилардан 7 нафарини Бирлашган Араб Амирликларига, 2 нафарини Туркияга, 2 нафарини Польшага, яна 2 нафарини эса бошқа давлатларга йўллаган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўз хабарномасида йил бошидан буён хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 7 минг 992 нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 288 минг 352 нафарига маслаҳат хизматлари, 6 минг 194 нафарига ижтимоий ёрдам, 10 минг 951 нафарига моддий ёрдам кўрсатилганини билдирган.

Бироқ бу давлат агентлиги томонидан чет элга юборилаётган ўзбекистонлик ишчиларнинг борган манзилларида ҳеч бир муаммосиз ишлаётганини англатмайди. Хусусан, россиялик таниқли журналист Алексей Пивоваров бошлигидаги “Редакция” YouTube-канали журналистлари томонидан бундан 2 ой муқаддам ёйинланган кўламли журналистик суриштирувда ўзбек расмийлари томонидан легал йўллар билан Россияга йўлланган муҳожирлар дуч келаётган ана шундай муаммоларнинг айримларидан баҳс этилган.