Telegram гуруҳлар ва каналларда тўлов қабул қилишга рухсат берди

Telegram тармоғида ҳар қандай чатда тўлов қабул қилиш имконияти пайдо бўлди. Бу ҳақда spot.uz нашри ширкат хабарномасига таянган ҳолда хабар қилди.

Telegram мессенжерида тўлов ботлари аслида 2017 йилдан бери мавжуд эди, бироқ тўловларни бевосита қабул қилиш имконияти пайдо бўлиши билан эндиликда бу ботлар билан ишлаш жўнлашган.

Хабарномада бугунги кундан бошлаб сотувчилар иловадаги 8 та тўлов тизими ёрдамида гуруҳлар ва каналлар дохил исталган чатда кредит карталар орқали тўловларни қабул қилиши мумкинлиги айтилган.

Бу тўлов тизимларидан иккитаси – PayMе ва CLICK Ўзбекистонга тегишли. Тўлов учун исталган иловадан, шу жумладан компьютерга ўрнатилган Telegram’дан ҳам фойдаланиш мумкин.

Тўловлар учун платформа очиқ ва бепул бўлиб, Telegram бунинг учун комиссия пули ҳам олмайди, тўловга оид маълумотларни ҳам сақламайди. Реквизитлар тўғридан-тўғри тўлов тизимига, мол етказиб бериш учун манзил эса сотувчига йўлланади.

Сотувчи ўз онлайн дўконини тўлов платформасига улаш учун Telegram ширкати вакилларидан розилик сўраб ўтириши шарт эмас.