Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази Ўзбекистонда Tesla компанияси номидан фойдаланиб аҳолидан пул ундираётган кибертовламачилар пайдо бўлгани тўғрисида огоҳлантирди.
Расмий билдирувда такидланишича, кибертовламачилар ижтимоий тармоқларда "TeslaX янги лойиҳаси Ўзбекистонда истиқомат қилувчи аҳоли учун энди мавжуд. 200 АҚШ долларини 4 минг АҚШ долларигача айлантиришингиз мумкин" мазмунидаги хабарларни жўнатмоқда.
Вазирлик бу хабарлар фейк эканини билдириб, аҳолини бу маълумотларга ишонмасликка чақирди.
“Фейк хабарларга алданманг, батафсил маълумотларни олиш учун бизнинг каналларимизни кузатиб боринг. Tesla компаниясига оид янгиликлардан хабардор бўлиш учун унинг расмий саҳифаси билан танишиб бориш тавсия этилади”, дейилади расмий баёнотда.
11 март куни Киберхавфсизлик маркази Telegram каналларида “5 дақиқа ичида 0 фоиз билан 50 миллион сўмгача кредит, 36 ой муддатга” қабилидаги фейк хабарлар тарқатилаётгани тўғрисида маълум қилган эди.
Марказнинг билдиришича, кибертовламачилар мана шундай йўллар билан аҳолидан карта рақамларини олиб, ҳисобдаги пулларини ечиб олиши мумкин.
Ички ишлар вазирлиги ўз огоҳлантиришларида содир этилган кибержиноятлар ва улардан жабрланганлар тўғрисидаги статистикани эълон қилмаган.