Тилла тақинчоқ контрабандаси билан шуғулланган ўзбекистонликлар ушланди

Тақинчоқлар оёқ кийим пошнасидан топилган.

Қирғизистонга 93 минг доллардан ортиқ қийматга эга бўлган тилла тақинчоқларни ноқонуний тарзда олиб ўтмоқчи бўлган икки нафар ўзбекистонлик Ўш аэропортида қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Божхона давлат хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, К. М., ва Т. Г. Ш., Ўшга Истанбулдан учиб келган. Божхона текширувида уларнинг оёқ кийими пошнасида 2 кило 406 грамм тилла тақинчоқлар борлиги аниқланди. Бу тақинчоқларнинг 179 донаси тилла занжир ва 52 донаси билакузук бўлган.

Ўзбекистон фуқаролари белгиланган тартибда ушланиб, уларнинг иши Ўш вилоят прокуратурасига юборилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Ўш вилоятидан ўтган қисмида контрабандачилар фаол экани кузатилади. Жумладан, жорий йилнинг баҳор ва ёз ойларида икки давлат махсус хизматлари томонидан Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтган 4 та ерости йўли топилган эди.

Айни пайтда Қирғизистон парламентида ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги контрабанда мислсиз даражага етгани танқид қилиб келинади.