ТИВ Ўзбекистонда Эрон дронлари йиғилаётганига оид иддаоларни рад этди

Эрон дронлари Ўзбекистонда йиғилаётганига оид иддао украиналик журналист Дмитрий Гордоннинг (суратда) исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан видеосуҳбати чоғида илгари сурилган

Ўзбекистон Эрон билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмайди ва ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 27 октябрь куни тарқатилган баёнотда айтилган.

Аввалроқ украиналик журналист ва блогер Дмитрий Гордоннинг исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан видеосуҳбати чоғида Эрон дронлари Ўзбекистон ҳудудида йиғилаётганига оид иддао айтилган эди.

ТИВ шу пайтгача Украина томонидан ҳам, бошқа хорижий ҳамкорлардан ҳам “Эрон дронларини йиғиш” масаласи юзасидан расмий мурожаатлар келиб тушмаганини қайд этган.

“Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Украина расмий ҳукуматига Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган бундай асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат қилади”, дейилган вазирлик баёнотида.

Эрон дронлари Ўзбекистонда йиғилаётганига оид иддаони Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳам қатъиян рад этган.