ТИВ Яқин Шарқдаги вазият юзасидан хавотир изҳор қилди

“Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви иштирокчилари, Тошкент, 2024 йил 15 апрели (Ўзбекистон ТИВ фотоси)

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувининг янги босқичидан чуқур хавотирда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада Ўзбекистон томони барча тарафларни босиқликка, ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришдан тийилишга ҳамда можарони энг қисқа фурсатларда сиёсий тартибга солиш учун мумкин бўлган барча чораларни кўришга чақириши айтилган.

Мазкур минтақадаги кескинликнинг авж олиши янада жиддий оқибатларга ва кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблаймиз”, дейилган ТИВ баёнотида.

Яқин Шарқдаги вазият 14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроил ҳудудига юзлаб дрон ва ўнлаб ракета воситасида ҳужум уюштиргани ортидан янада кескинлашиб кетган. Исроил томони Эрон зарбасига муносиб жавоб берилажагини билдирган, бироқ бу жавоб қачон ва қай шаклда берилишини очиқлаган эмас.

Эрон ўзининг тунов кунги ҳужумини 1 апрель куни Эроннинг Дамашқдаги консулхонасида Ислом инқилоб посбонлари корпуси генераллари Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ходий Раҳимий ҳамда уларнинг беш нафар хизматдоши Исроил зарбаси натижасида ўлдирилишига жавоб эканини билдирган.

Яқин Шарқдаги вазият 15 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилишида ҳам муҳокама қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев мазкур йиғилиш якунлари бўйича ўтказилган брифингда билдирган.

ТИВ мулозимига кўра, вазир Бахтиёр Саидов мезбонлигида бўлиб ўтган Тошкентдаги анжуманда Қатар Давлати Бош вазири, ташқи ишлар вазири, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши 44-сессияси раиси шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби, Баҳрайн, Кувайт, Саудия Арабистони ва Ўмон ташқи ишлар вазирлари, БАА президентининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, энергетика ва саноат вазири, шунингдек, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари, Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бошчилигидаги делегациялар иштирок этган. Тадбирга Озарбайжон ташқи ишлар вазири фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган.

Йиғилишда Марказий Осий ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасида сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан атрофлича гаплашилган.

Долзарб халқаро ва минтақавий масалалар доирасида Яқин Шарқда бугунги кунда юзага келган вазият ҳақида сўзлашган вазирлар бундан ташқари, Афғонистон, Фаластин-Исроил можароси ва бошқа бир қатор мавзулар бўйича ҳам фикр алмашишган.

Аълоевга кўра, вазирлар йиғилиши якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинган. “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари” ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишини эса 2026 йили Кувайтда ўтказишга келишиб олинган.