Тўлиқ эмловдан ўтганлар бустер доза билан ихтиёрий равишда эмланади

Ўзбекистон бош санитария врачининг кўрсатма хатига мувофиқ, жорий йил 17 ноябридан эъьтиборан тўлиқ вакцина курсини олган фуқаролар (икки ёки уч маротаба эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий эмланади.

CCВ қайдича, мазкур тадбир мамлакат аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни шу йилнинг 1 апрелидан бошланган.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва юртимизга келтирилган вакциналар миқдори 42 миллион 805 минг дозадан ошгани, бундан 2 миллион 254 минг 480 дозаси AstraZeneca, 32 миллион 431 838 дозаси ZF-UZ-VAC2001, 1 миллион 128 минг 500 дозаси Sputnik-V,3 миллион 60 дозаси Moderna, 2 миллион 14 минг 740 дозаси Pfizer/BioNTech, 1 миллион 976 минг дозаси эса Sinovac вакцинаси эканини билдирган. Мазкур вакциналардан 31 миллион 192 минг 46 дозаси эмлаш жараёнида қўлланилган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонга йил охирига қадар яна 5 миллион 600 минг доза вакцина келтирилиши кутилмоқда.