Тожикистон Олий cуди 2018 йилнинг июлида Данғарада хорижлик велосайёҳларга ҳужум уюштирганлар гуруҳи раҳбари Ҳусейн Абдусамадовни умрбод қамоқ жазосига ҳукм этди.
Ушбу жиноий иш доирасида яна 14 шахс 1,5 йилдан 16 йилгача озодликдан маҳрум этилди.
29 июлда Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятининг Данғара туманида бир неча киши автомобилда Тожикистон бўйлаб саёҳат қилаётган хорижий велосипедчиларга ҳужум қилиши оқибатида тўрт нафар сайёҳатчи ҳалок бўлган ва яна уч нафари оғир жароҳат олганди.
21 ноябрь куни Тожикистон Олий суди Ҳусейн Абдусамадовни жиноий гуруҳ ташкил этиш, терроризм, экстремизм, одам ўлдириш ва Тожикистон фуқароларини чет элларда бўлаётган жангларга жалб этишда айбдор деб топди.
Олий суд ушбу гуруҳнинг икки фаол аъзоси - Кароматулло Ғаниев ва Беҳруз Сафоевни 16 йил қамоқ жазосига ҳукм этди.
Гўдаги борлиги сабабли гуруҳнинг ягона аёл аъзоси Баҳринисо Ҳайдарованинг ҳукм ижроси кейинга қолдирилди.
29 июль куни Тожикистон жанубидаги Данғара туманида маҳаллий вақт билан 15.30 да велосипедда саёҳатга чиққан ҳолландиялик Воке Рен Виллем, швейцариялик Хамел Маркус ва икки нафар америкалик - Аустин Жей ва Лаурен Анне Мунотз ҳалок бўлган эди.
Уч сайёҳ воқеа жойида, яна бири эса, Данғара шифохонасида вафот этганди.
Жароҳат олган яна уч нафар сайёҳга тиббий ёрдам кўрсатилганди.
Тожикистон ички ишлар вазирлиги фаолияти тақиқланган "Ислом уйғониш партияси"ни (ИУП) мазкур ҳужумни уюштиришда айблади.
30 июль куни кечқурун "Ислом давлати" экстремист гуруҳи Тожикистондаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
31 июлда Тожикистон ички ишлар вазирлиги баёнот тарқатиб, хорижлик сайёҳатчиларга ИУПнинг фаол аъзоси Ҳусейн Абдусамадов раҳбарлигидаги гуруҳ ҳужум уюштирганини эълон қилди.
Ушбу баёнотда айтилишича, Ҳусейн Абдусамадов Эроннинг Қум ва Мозандарон шаҳарларида "идеологик ва ҳарбий диверсион" таълимот олган ва Тожикистонда қидирувда бўлган.
Кўп ўтмай Тожикистон ички ишлар вазирлиги сайтида хорижлик сайёҳларга ҳужумда гумонланган 10 кишининг сурати чоп этилди.
Улар орасида ички ишлар ходимлари томонидан отиб ўлдирилган тўрт шахс суратлари ҳам бор эди.