Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Толибон делегациясини қабул қилди

Учрашувда икки томонлама савдо айланмасини кўпайтириш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов 4 июль куни Толибон ҳукуматининг саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизийни қабул қилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг билдиришича, учрашувда икки томонлама савдо айланмасини кўпайтириш ва икки мамлакат ҳудудлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича биргаликда таклифларни тайёрлашга келишилди.

Бундан ташқари “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора - тадбирлари кўриб чиқилди. Жорий йил июль ойининг иккинчи ярмида темир йўл йўналиши бўйлаб дала тадқиқотларини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон томони афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш ва Афғонистон билан устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди”, -дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир. Толибон ҳукумати шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентда 25-26 июль кунлари 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар иштирокида Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилишини маълум қилган эди.