Тошкентда маст ҳайдовчи содир этган автотўқнашувда 7 киши тан жароҳати олди

Тошкент ша=ар ИИБ сайтидан олинган фотосуратда тўқнашувдан кейинги ҳолат акс этган.

Пойтахтнинг Яшнабод туманида маст аҳволда бўлган Matiz ҳайдовчиси иккита Nexia-2 автомобили билан тўқнашиб кетиши оқибатида 7 киши тан жароҳати олди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг 4 январда хабар беришича, воқеа 1 январь куни 17:15 атрофида Махтумқули кўчасида содир бўлган.

Жароҳат олган 7 кишидан 4 нафари 1 ёшдан 13 ёшгача бўлган бола экани ва улар жиддий жароҳатлангани билдирилди.

“Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган”, -дейилади хабарда.

Аввалроқ Озодлик Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида 1 январь куни содир бўлган автоаварияда 5 киши вафот этгани тўғрисида хабар берганди.

Ўзбекистонда автоҳалокатлар оқибатида ҳар йили мингдан ортиқ киши ҳалок бўлади. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 7 октябрь куни Ўзбекистонда 2021 йил бошидан октябргача содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлгани ҳақида билдирган.