Тошкент метросида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган аёл қутқариб қолинди

Тошкент метрополитени вакиллари 38 ёшли аёлнинг ўз жонига қасд қилиш уриниши "Алишер Навоий" номли бекатда содир бўлганини билдирганлар

Тошкент метрополитенининг "Алишер Навоий" бекатида 28 декабрь куни 38 ёшли аёл ўзини атайлаб яқинлашиб келаётган поезд остига ташлаш мақсадида поезд йўлига ётиб олган.

“Тошкент метрополитени” матбуот хизмати маълумотига кўра, метрополитен ходимлари ва метро хавфсизлик бўлимининг тезкор ҳаракатлари натижасида бахтсиз ҳодисанинг олди олиниб, аёл қутқарилган.

Фуқаро Б.И. жиддий жароҳатларсиз платформага олиб чиқилди. Қоидабузар Б.И. депрессия ҳолатида бўлганлиги ва ўзининг ножўя ҳаракатларини кучли эҳтирос ҳолатида содир этганлиги аниқланди”, дейилган хабарномада.

Метрополитен масъуллари ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилаётганини билдирганлар.