Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Шартномада икки мамлакат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган муносабатлар ўрнатиш назарда тутилади.
Шартнома ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, миграция, саноат кооперациясини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, парламентлар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни назарда тутади.