Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қодирий боғини “осойишта” ҳудудга айлантиришни ваъда қилмоқда

Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғи (Тошкент шаҳар ҳокимлиги фотоси)

Тошкентдаги Абдулла Қодирий номли боғда шу кунда ободонлаштириш ишлари ўтказилмоқда: чиқиндилар тозаланяпти, пиёдалар йўлаклари таъмирланяпти ва суғориш тизими тикланяпти. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Боғни тошкентликларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда янгилаш режалаштирилган”, дейилган ҳокимлик хабарномасида.

Президент Ш. Мирзиёев шу йил 24 августида фуқаролар сайр қилиши ва хордиқ чиқариши учун “осойишта” яшил ҳудудларни ташкил қилиш заруратини таъкидлаганига эътибор қаратган пойтахт ҳокимлиги Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғини айнан шу концепцияда реконструкция қилиш режалаштирилгани, бу ерда “шовқинли аттракционларининг ўрнига кичик хиёбонлар, сайилгоҳлар ташкил қилиниб, бу ерда гуллар экилади, болалар ва спорт майдончалари қурилади”, дея ваъда қилган.

Шу йил баҳорида Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур боғ ҳудудида Hampton by Hilton меҳмонхонаси пойдеворига вақт капсуласини қўйиш маросими ўтказилгани ҳақида маълум қилган эди.