Тошкентга Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров келди

Тошкентга биринчилардан бўлиб Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров етиб келган.

Тошкентда 28-29 июль кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши ўтказилади.

Ташқи ишлар вазирлигига қарашли «Дунё» агентлигининг билдиришича, йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда 15-16 сентябрь кунлари ўтадиган саммитига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинади.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, 28 июль куни Тошкентга биринчилардан бўлиб Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров етиб келган. Лавров кенгашда иштирок этишда ташқари Ўзбекистон раҳбарияти билан музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда.

Ташқи ишлар вазирлари Тошкент йиғилишида Ўзбекистон томони ташаббуси билан ишлаб чиқилган узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш мажмуавий режаси, ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлик концепцияси, ишбилармон доиралар ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурларини ҳам муҳокама қилади.