ОАВ: Тошкентда ўқувчининг ўлимига ток ургани сабаб бўлган. Аввалроқ расмийлар буни рад этганди

Суд тиббий экспертизаси Тошкент шаҳридаги 99-мактабда ўқиган 8-синф ўқувчиси электр токи уриши оқибатида вафот этгани тўғрисидаги дастлабки хулосани берди. Бу ҳақда Бош прокуратурадан олинган маълумотга таянган ҳолда “Газета.uz”, Kun.uz ва “Дарё” 28 ноябрда хабар берди.

Мазкур хабар чоп этилган пайтда Бош прокуратура сайтида, Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида бу борада маълумот берилмаган.

Хабарларда айтилишича, суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, боланинг ўлими электр жароҳати, электр токи ёйидан заҳарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши натижасида юз берган. Экспертиза ўқувчининг “чап қўли кафт соҳасида электр токи уриши излари борлигини ҳам аниқланган”.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳри Филология мактабида 8-синф ўқувчиси очиқ қолган электр токига тегиб кетиш натижасида вафот этгани айтилмоқда. Масъул ходимлар очиқ қолган электр токига қарамаганлиги сабабли бола вафот этган”, деган хабарлар тарқалган эди.

Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу хабарларни инкор этган. Бошқарма 28 ноябрда тарқатган расмий маълумотда: “27 ноябрь куни соат тахминан 18:15 да ўқувчи А.А., таълим муассасаси ҳовлисидаги спорт майдончасидан чиқиб кетаётиб, ҳушини йўқотгани” айтилади.

Бошқарма мактаб қоровули зудликда “Тез ёрдам” чақиргани, ўқувчи касалхонага олиб кетилгани ва ўша ерда хушига келмай вафот этгани ҳақида билдирган.

“Газета.uz”нинг ёзишича: “кейинроқ бошқарма ўз хабарини таҳрирлади ва боланинг ўлимига электр токи сабаб бўлмагани, мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергияси узаткичлари борлиги аниқланмагани айтилган қисмини олиб ташлади”.

Бош прокуратуранинг билдиришича, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.